Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Франция Республикаси Президентининг ҚЎШМА БАЁНОТИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга амалга оширган расмий ташрифи муносабати билан, Франция Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти икки мамлакат ўртасидаги юксак даражадаги глобал (кенг қамровли) шерикликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу Қўшма баёнотни қабул қилдилар.

Икки томонлама сиёсий муносабатлар

1. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлган жорий йилда президентлар икки томонлама муносабатларнинг сўнгги йиллардаги сезиларли ривожланишини мамнуният билан қайд этдилар. Давлат раҳбарлари ушбу икки томонлама шерикликни чуқурлаштиришга ҳисса қўшиш учун Ўзбекистон томонидан бошланган мамлакатни модернизация қилиш бўйича ислоҳотлар ҳамда Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юзага чиқарган ижобий истиқболларга урғу бердилар.

2. Ташриф давомида Томонлар таълим, илм-фан, маданий мерос, фуқаро авиацияси, давлат хизмати ва коррупцияга қарши кураш бўйича ҳамкорлик юзасидан ўндан ортиқ келишувларни имзоладилар. Томонлар турли даражаларда, зарур ҳолатларда, тегишли вазирликларни жалб қилган ҳолда, ўзаро манфаатли масалалар юзасидан, хусусан, хавфсизлик ва иқтисодий йўналишлар бўйича сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шунингдек, Томонлар парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва икки мамлакатдаги дўстлик гуруҳларининг фаолиятини жадаллаштиришдан манфаатдор эканлигини қайд этдилар.

3. Маданий соҳада Томонлар 2022 йилнинг 22 ноябрь куни очилган Лувр музейидаги “Ўзбекистон воҳаларининг мўжизалари” ва Араб дунёси институтидаги “Самарқандга йўл, ипак ва олтин мўъжизалари” кўргазмаларининг ўтказилишини мамнуният билан қайд этдилар. Томонлар маданият ва маданий мерос соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш истакларини билдирдилар ҳамда 2021 йил 6 январда имзоланган Аҳдлашув декларациясига мувофиқ Тошкент шаҳрида Франция-Ўзбекистон маданият марказини ташкил этиш бўйича ишларни давом эттирадилар.

4. Таълим соҳасида Томонлар таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни янада кучайтириш, шунингдек, француз тилини ўқитиш ва ўқитувчиларни тайёрлашни такомиллаштириш орқали ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.

Томонлар Тошкент шаҳридаги Француз лицейи фаолиятини мамнуният билан қайд этдилар, ушбу таълим муассасасининг мақомини сақлаб қолиш ва фаолиятига кўмаклашиш истагини билдирдилар, шунингдек, Томонлар Самарқанд шаҳрида янги Француз альянсининг очилишини соддалаштиришни таклиф қилдилар. Томонлар Париж шаҳрида 2022 йил 27–28 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган иккинчи Ўзбекистон ва Франция университетлари форуми ташкил этилишидан мамнун эканликларини билдирдилар.

Икки томонлама иқтисодий муносабатлар

5. Иқтисодий йўналиш бўйича Томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик юзасидан 2020–2030 йилларга мўлжалланган Йўл харитасида қайд этилган соҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Ташриф давомида энергетика, сув таъминотини бошқариш, транспорт ва туризм соҳаларида жуда кўп иқтисодий шартномалар имзоланди. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳаракатлар режаси келгуси ҳамкорлик йўналишларини ўрганишга имкон беради. Ўзбек томони франциялик инвесторларнинг мамлакатга киришини енгиллаштириш учун зарур ёрдамни таъминлашга ҳамда мавжуд тартибларни соддалаштиришга тайёр эканини билдирди.

6. Икки давлат раҳбарлари Франция тараққиёт агентлигининг фаолиятини ижобий баҳоладилар ва Ўзбекистоннинг давлат инвестицияларини қўллаб-қувватлаш учун 2022–2025 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик тўғрисидаги Битим имзоланганини мамнуният билан қайд этдилар. Хусусан, улар Агентлик яшил иқтисодиёт йўналишида бошланган ҳамкорликни давом эттириши ҳамда Орол денгизи ҳудудини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириши юзасидан истаклари якдиллигини билдирдилар.

7. Томонлар туризм соҳасида, хусусан, туристик ҳудудлар салоҳиятини ишга солиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар. Франция томони Ўзбекистоннинг 2023 йилда Хива шаҳрида “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи туристик форумини ўтказиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлади.

Минтақавий ва халқаро сиёсат

8. Ўзбекистон ва Франция дунёда ва минтақавий даражада хавфсизлик, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш истакларини тасдиқладилар. Иккала Томон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар ва тегишли минтақавий тузилмалар доирасида ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришни кучайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Томонлар низоларни музокаралар орқали, халқаро ҳуқуқ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставига тўлиқ амал қилган ҳолда ҳал қилиш бўйича қатъиятларини қайта тасдиқладилар.

9. Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг ривожини мамнуният билан қайд этдилар. Улар Европа Иттифоқининг “Глобал дарвоза” стратегияси ва Самарқанд шаҳрида 2022 йил 17–18 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги конференцияси доирасида минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватладилар.

Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни янада кучайтиришга имкон берадиган, 2022 йилнинг июль ойида матни келишилган Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим бўйича музокаралар якунланганини мамнуният билан қайд этдилар.

10. Томонлар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва минтақадаги хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшишдан манфаатдор эканини билдирдилар, 2022 йил 26 июлда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда Франция томонининг иштирок этгани буни яққол тасдиқлайди.